ХИМ факультети инглиз тили кафедраси ЖИДУ инглиз тили кафедрасининг қайта шакллантирилиши муносабати билан 1993 йилда ташкил топди.
Кафедра таркибига 12 нафар юқори малакали ўқитувчи, 1 нафар доцент, 4 нафар катта ўқитувчи ҳамда 7 нафар тажрибали ўқитувчилар киради.
Кафедра томонидан ҳар бир бакалавр ва магистратура курслари учун алоҳида замонавий педагогик технологияларни ўз ичига олган ва жаҳон стандартига жавоб бера оладиган инглиз тили ўқув дастури ишлаб чиқилган.
Кафедра ўқитувчилари томонидан инновацион педтехнологияларнинг қўлланилиши асосан инглиз тилини ўқитиш сифатини оширишга ва талабалар билимини мукаммаллаштиришга қаратилган. Шунингдек, бу дастур талабани мустақил изланиш фаолиятини юқори даражада амалга оширишга ва мутахассислиги бўйича билимини мукаммаллаштиришга асосланиб ишлаб чиқилган.
Кафедранинг яна бир диққатга сазовор бўлган жиҳатларидан бири бу иқтидорли талабаларга қаратилган чуқур эътиборидир. Ўқитувчиларнинг талабалар билан доимий иш боришлари натижасида талабалар ҳар йили инглиз тили бўйича республика Олимпиадаларида фаол иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллашга муваффақ бўлишади. Булардан ташқари яна кафедрада “Shakespeare’s Club”, “Reader’s Club”, “Lingua Club” каби турли хил клублар ҳам ташкил этилган. Клуб аъзолари, яъни талабалар ўқитувчилар билан биргаликда таниқли ёзувчилар ва машҳур инсонлар билан доимий равишда учрашувлар уюштиришади, Шекспир асарлари бўйича саҳна кўринишларини намойиш қилишади, инглиз тилида КВНлар ташкиллаштиришади ва энг эътиборлиси бу турли хил ҳужжатлар таржимаси билан фаол шуғулланишади.
Кафедра ўқитувчилари ўз илмий салоҳиятларини янада ошириш мақсадида Британия Кенгаши ва Инглиз тили Ўқитувчилар Уюшмаси томонидан уюштирилган конференция ва семинарларда, Президент Жамғармасининг Истеъдод тренингларида доимий равишда фаол қатнашиб ўз малакаларини ошириб борадилар.
Инглиз тили кафедрасини илмий салоҳиятини ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда. Инглиз тили кафедрасида Халқаро Вестминстер университетини 4 нафар магистратура битирувчилари ва таржимонлик ҳамда инглиз тилини ўқитиш методикаси бўйича 2 нафар стажер тадқиқотчилар ўз мавзулари устида фаол иш олиб бормоқдалар.
Инглиз тили кафедраси ўқитувчилари 30дан зиёд ўқув қўлланмалар, методик ишланмалар, уч тилли луғат ва глоссарийлар муаллифлари ҳисобланади. Бундан ташқари, ҳар йили инглиз тили кафедраси ўқитувчилари илмий семинар ва конфиренцияларда фаол иштрок этиб келмоқдалар.Республика ва хорижий илмий журналларида,конференция тўпламларида ўз мақолаларини чоп этиб келмоқдалар.
Инглиз тили кафедраси Республикамизнинг кўплаб олигоҳлари билан узлуксиз ҳамкорлик қилиб келмоқда жумладан, Ўзбекистон Миллий университети, ЎзДЖТУ, Шарқшунослик институти, Ислом университети ва бир қатор хориж университетлари Россия ТИВ ҳузуридаги Дипломатик Академияси, Киев Халқаро Алоқалар институти, Лондон Метрополитен университети, Буюк Британия Вестминстер университети ва бошқалар.
2010 йили инглиз тили кафедраси томонидан Британия Кенгашининг Британиянинг олийгоҳлари билан стратегик ҳамкорлик бўйича халқаро INSPIRE грантини ғолиби бўлишга муяссар бўлди. Грант доирасида инглиз тили кафедраси Лондон Метрополитен университети билан ҳамкорлик алоқасини йўлга қўйди ва хорижий ҳамкорлар билан 3 ва 4 курслар учун оғзаки ва ёзма таржима бўйича ўқув дастури ишлаб чиқилди. Янги дастур бўйича оғзаки ва ёзма таржима дарслар 3 ва 4 курслардаги пилот гуруҳларда 2010 ва 2011 йиллар давомида олиб борилди. 2011 йили март ойида 2 нафар талаба ёзма таржима бўйича Халқаро Олимпиада ғолибига айланди ва мукофат сифатида Лондон Метрополитен университетининг ёзги курсларида таҳсил олиш учун Англияга сафар уюштирилди.