ТАЛАБАЛАР ҲАЁТИ ВА СПОРТ

 

Талабалар ҳар томонлама етук ва комил инсон бўлиб тарбияланишлари учун Университетда барча шароитлар яратилган.

Бугунги  кунда Университетда замонавий спрот-соғломлаштириш мажмуаси, учта очиқ спорт майдончаси, битта ёпиқ спорт зали, битта ёпиқ сув ҳавзаси, тренажёр зали, шейпинг зали фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур спорт иншоотларида Университетнинг мингдан ортиқ талаба ёшлари шуғулланишади.

Талабалар бўш вақтларини мароқли ва мазмунли ўтказишларини таъминлаш мақсадида турли тўгараклар ташкил қилинган. Университетда спортнинг тўққиз тури бўйича тўгараклар мавжуд бўлиб, уларда икки мингга яқин талаба ёшлар спортнинг волейбол, баскетбол, футбол, енгил атлетика, кураш, стол тенниси ва шахмат-шашка турлари бўйича машқ қилишади.

Университет талабалари республика ва шаҳар миқёсидаги турли спорт мусобақаларида фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқдалар. Жумладан, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги кубоги учун ўтказилган волейбол мусобақасида Университет жамоаси фахрли 1-ўринни, белбоғли кураш мусобақасида 90 кг вазн бўйича А.Назаров фахрли 1-ўринни, ўрта вазнда Ш.Абдуазимов ва А.Сирожиддиновлар 1-ўринни, Ш.Файзиев 3-ўринни, 75 кг вазн бўйича Б.Муҳаммадиев фахрли 1-ўринни эгаллашган.

Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ва ЖИДУ ҳамкорлигидаги кураш мусобақасида 75 кг вазнда Ю.Асланов фахрли 2-ўринни, С.Сайфуллаев эса 3-ўринни эгаллашган. Мазкур турнирнинг футбол мусобақаларида Университет жамоаси 3-ўринни эгаллаган.

Конституция куни муносабати билан ЖИДУда ўтказилган кураш мусобақасида Б.Ҳалилов ва С.Сайфуллаев 2-ўринни, М.Илдиев, А.Норқобилов ва Ў.Ражабов 3-ўринни эгаллашган.

Профессор-ўқитувчилар ўртасида ўтказилган “Соғлом авлод учун” спартакиадасида спортнинг сузиш, шахмат ва волейбол турлари бўйича Университет жамоалари 3-ўринни эгаллашган.

“Соғлом авлод давлат дастури”, “Давлат таълим стандартлари” асосида режалаштириладиган олий ва ўрта махсус ўқув муассасаларидаги жисмоний маданият дарслари ёшларнинг жисмоний тайёргарлигини тарбиялашда хизмат қилмоқда. Хусусан, Университетда таҳсил олаётган талаба ёшларнинг жисмоний тайёргарлигини тобора мустаҳкамлаш, иқтидорли ёшларни спорт турларига жалб этиш ва уларнинг маҳоратларини ошириш йўли билан соғлом ва етук мутахассислар тайёрлаш яхши йўлга қўйилмоқда.     

 Университетимиз талаба ёшлари жуда ғайратли, илмга чанқоқ ёшлар бўлиб, доим изланишдалар.