МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ФАОЛИЯТ
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини, ўқув жараёнининг тарбиявий ишлар билан уйғунлик даражасини ошириш мақсадида маънавий-маърифий ишларга алоҳида эътибор қаратилади.
Университетда ҳар томонлама чуқур билимга эга, Ватанига, халқига садоқатли, миллий истиқлол ғояси билан мустаҳкам қуролланган комил инсонни тарбиялаш ва бу борада профессор-ўқитувчилар ҳамда ходимларга, талабаларга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу вазифа Университет “Маънавият ва маърифат” маркази томонидан мувофиқлаштириб борилади.
Университетда маънавий-маърифий, ахлоқий-тарбиявий ишлар, асосан, қуйидаги йўналишларда олиб борилади:
Университет “Маънавият ва маърифат” маркази қошида Маънавият ва маърифат маскани фаолият юритади. У ерда университетимизнинг профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов асарлари ўрганилади ҳамда турли учрашувлар ҳамда маданий тадбирлар ўтказилади.
Университетнинг “Маънавият ва маърифат” маркази томонидан, Республикамизнинг етакчи ташкилотлари вакилларини жалб қилган ҳолда, ҳар йили қишки ва ёзги таътил даврида университетимиз профессор-ўқитувчиларининг “Маънавий салоҳият” бўйича малака ошириш курслари ташкил этилади.
Шунингдек, “Маънавият ва маърифат” маркази қошида иқтидорли ёшлар учун “Санам”, “Баёт” каби мусиқий фольклор тўгараклари фаолият юритади.
Музейлар ва театрлар билан ҳамкорлик ўрнатилган. Уларда сайёр дарслар ташкил этилиб, мунтазам равишда турли мутахассислар билан суҳбат-мулоқотлар, савол-жавоблар ўтказилади.
Талабаларнинг онгига миллий қадриятларни янада чуқур сингдириш мақсадида Меҳрибонлик, Саховат уйларига ташрифлар уюштирилади. Таълим билан тарбияни боғлаб олиб боришда мазкур усулнинг афзал жиҳатлари кўп. Кучли таъсирланган талабалар юқорида зикр этилган жойларга бўлган ташрифдан сўнг бир-икки кун ўзгача бир ҳолатда юришади. Уларда инсонларга нисбатан меҳр, оқибат, ҳурмат деган туйғулар ошади.
Шунингдек, Университетда мураббийлик соатлари институти ташкил этилган бўлиб, унда талабаларга миллий, умуминсоний қадриятларимиздан келиб чиқиб, турли мавзуларда суҳбатлар, маърузалар уюштирилади. Бу эса, ўз навбатида, ёшларга инсон, миллат, давлатнинг барқарорлиги, тараққиётга эришиш ва бу йўлдаги қийинчиликларни енгишда ҳал қилувчи куч ва таянч нуқта юксак маънавият эканлигини тушунтиришга ёрдам беради. Айни пайтда, юксак маънавият – енгилмас куч, жамият тараққиётининг асосий воситаларидан бири ва инсон камолотининг йўлчи юлдузи эканлигини талабаларга очиб бериш ва англатиш имконини ҳам беради.
Университет маънавий-маърифий соҳада қуйидаги ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда:
Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Диний қўмита, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри, Ўзбекистон Миллий академик драма театри, Аброр Ҳидоятов номидаги драма театри, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Қатағон қурбонлари давлат музейи, Ўзбекистон миллий санъат кўргазмаси галереяси музейи, Тошкент шаҳар Қизил ярим ой жамияти, Саломатлик ва тиббий статистика институти, Ибн Сино Халқаро жамғармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маҳалла жамғармаси, Тошкент шаҳар “Олима” уюшмаси, “Тадбиркор аёл” уюшмаси ва бошқалар.
ЖИДУ “Камолот” ЁШлар ижтимоий Ҳаракати бошланғич ташкилоти
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети “Камолот” ЁИҲ университет бошланғич ташкилоти 2001 йилда ташкил топган. Унинг асосий вазифаси университет талабаларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, талабалар қалбида ватанпарварлик руҳини ривожлантириш, талабалар ўртасида дўстлик риштасини мустаҳкамлаш, талабалар бўш вақтларини унумли ўтказиш, ёт ғоялар таъсири остига тушиб қолмаслик учун ўзида иммунитетни шакллантира олиш, шу билан бирга, талабаларда ҳуқуқий маданияти ва касбий меҳнат маҳоратини юксалтириш ҳисобланади.
Шундан келиб чиққан ЖИДУ “Камолот” ЁИҲ УБТ ўз ишларини қўйидаги йўналишлар асосида олиб бормоқда:
1) ватанпарварлик, миллатлараро бағрикенглик, тотувлик ва меҳр-мурувват йўналиши доирасида;
2) талаба ёшларда вайронкор ғоялар ва ёт унсурларга қарши иммунитетни шакллантириш йўналиши доирасида;
3) ёшларнинг илмий салоҳиятини ва мутахассислик билимларини ривожлантириш йўналиши доирасида;
4) талабаларнинг иқтидорини қўллаб-қувватлаш ва бўш вақтларини унумли ўтказишни таъминлаш йўналиши доирасида;
5) талабалар ўртасида спорт ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш доирасида.
ЖИДУ “Камолот” ЁИҲ университет бошланғич ташкилоти ўзининг махсус нашри “Dip.uz” газетасига эга бўлиб, унда улар томонидан амалга ошириладиган маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар, йиллик режага асосланган ҳолда, ҳар ойда бир марта ёритиб борилади.
Талабаларнинг иқтидорини қўллаб-қувватлаш мақсадида турли анжуманлар мунтазам равишда ўтказилади. Жумладан, 2012 йилда “Халқаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиши”, “Европа Иттифоқида кечаётган сиёсий-иқтисодий жараёнларнинг жаҳон ҳамжамиятига таъсири” мавзусида республика миқёсида конференция ўтказилди ва унда республикамизнинг турли олий ўқув юртларидан 200дан ортиқ талабалар иштирок этишди. Ушбу конференция материаллари тўплам сифатида нашр этилди.
Бугунги кунда ташкилот аъзоларининг сони 600 кишини ташкил этади. Уларнинг вақтини унумли ўтказиш мақсадида “Камолот” ЁИҲ УБТ томонидан турли спорт мусобақалари ташкил этилади. Жумладан, стол тенниси, шахмат ва шашка мусобақалари ташкил этилиб, бунда талабаларнинг бўш вақтини фойдали ва қизиқарли тадбирларга қаратиш кўзда тутилган.
ЖИДУ “Камолот” ЁИҲ УБТ томонидан ҳар ўқув йилида 2 маротаба “Ректор кубоги” футбол мусобақаси ташкил этилади. Бунда мавжуд факультет талабалари томонидан тузилган гуруҳлар ўзаро беллашадилар. Шунингдек, “Камолот” ЁИҲ УБТ мутахассислик билимларини мустаҳкамлаш мақсадида турли илмий-амалий конференциялар ташкилотчиси сифатида ўз ишларини олиб боради.
Хотин-қизлар қўмитаси фаолияти
Университетимиз ташкил топган биринчи кунлардан бошлаб Хотин-қизлар қўмитаси серқирра фаолият олиб бормоқда. Унинг асосий мақсади – республикада хотин-қизлар кўмиталари олиб борадиган фаолиятга кўмаклашиб, университет мутахассислик йўналишидан келиб чиқиб, жаҳон майдонида Ўзбекистонни муносиб кўрсата биладиган дипломат, халқаро ҳуқуқ, халқаро иқтисодий муносабатларда фаолият кўрсатадиган лидер аёлларни тарбиялашга ўз муносиб ҳиссасини қўшиш ҳисобланади.
Шундан келиб чиққан ҳолда университетдаги профессор-ўқитувчи, ходимлар, талаба қизлар ва магистрантларни, аввало, ўз касбини мукаммал биладиган комил инсон сифатида ривожланиши учун керакли сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий, соғлом оналик ва болаликка доир билимларга эга бўлиши соҳасида бир қанча ишларни амалга оширмоқда.
Бугунги кунда университетнинг 237 ходимидан 107 нафари аёллардир. Хусусан, 139 нафар профессор-ўқитувчилардан 103таси аёллардир. 18та кафедрадан 11тасини аёллар бошқаради. Илмий салоҳиятга назар ташласак, 5 нафар аёл – фан доктори, 40 нафар аёл – фан номзоди. 1181 талабадан 329таси талаба қизлар (бакалавр ва магистрантлар) ҳисобланади.
Аёлларимиз нафақат ўқув тарбия ва илмий ишлар билан шуғулланадилар, балки ўз касбий маҳоратларини маънавий-маърифий ишларда намоён этмоқдалар. Жумладан, репродуктив саломатлик ва соғлом турмуш тарзини тарғибот қилиш мақсадида “Соғлом турмуш тарзи асослари”, “ОРВ ва ОРЗ касалликлари”ни олдини олиш, “Психогигиена ва эмоционал ҳолатни бошқариш”, “Гиёҳванд моддаларсиз ҳаёт учун”, “Жамоа олдида нутқ сўзлашнинг ижтимоий-психологик асослари” мавзуларда “музокаралар лабораторияси” тренерлари билан давомий суҳбат ва машқлар ташкиллаштирилди. “Соғлом она – соғлом бола” дастурини амалга ошириш борасида “Оила сирлари” деб номланган маслаҳатхона очилди.
2010 йил декабрь ойида “Ораста қизлар” тўгараги ташкил этилди. Унда барча факультет талаба қизлари устоз-мураббийларнинг маслаҳатлари ва кўмаги асосида ўз фаолиятини режали юритиб келмоқда. Тўгаракка 35 фаол талаба қизлар ҳамда 5 ўқитувчи-мураббий аъзодир. Жорий йилда тўгарак ташабуссига кўра қатор семинар, суҳбат ва учрашувлар ташкил этилди. Жумладан, “Соғлом фарзанд туғилиши ва репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш” мавзусида қатор тадбирлар амалга оширилди. “Соғлом турмуш тарзи” махсус таълим-маърифий менюси тузилди. “Ораста қизлар” тўгараги аъзолари учун “Ораста қиз ён дафтарчаси” қўлланмаси ишлаб чиқилди. “Энг намунали ораста қиз” қўрик- танлови ўтказилди.